имунитет Саломатлик ва табобат

Наъматак, асал ва хурмо ёрдамида иммунитетни мустаҳкамлаймиз ёки табиий энергетик ичимлик тайёрлаш

Written by Rashid Usmonov

Аввал бир стакан қайнатилган сувга бир пакетча наъматак меваси кукуни (дорихоналарда бор) солиб, ичимлигимиз витаминларга янада бой бўлиши учун уни корица дарахти шохчаси билан аралаштирамиз (доривор гиёҳлар  сотадиганлардан олишингиз мумкин). Бу ичимликка ёқимли таъм бериши билан бирга, унинг шифобахшлик хусусиятини ҳам оширади. Асални 70 даража иссиқликдан юқори ҳароратдаги сувга аралаштиришни тавсия қилмайман. Шу сабабдан асални энг охирида қўшиб, втаминлари ва фойдалилик хусусиятини сақлаб қолган бўламиз. Асал тўлиқ эриганидан кейин ичимлик тайёр ҳолатга келади. Уни араб хурмоси билан бирга истеъмол қиламиз.

Айтиш мумкинки, юқоридаги тўрт маҳсулот алоҳида истеъмол қилинганда, ҳар бири ўн карра фойда келтирса, тўрталаси жами 40 карра фойда беради. Уларнинг барчаси бир вақтда тановвул қилинганда эса, уларнинг кучи камида икки бараварга ошиб, 80 карра фойда қилади. Шунинг учун ҳам ичимликни иммунитетни тиклашнинг энг самарали воситаларидан бири деб айтиш мумкин.

Юқоридаги рецепт бўйича иммунитетни мустаҳкамлаш ҳамда кўпгина касалликлардан халос бўлиш мумкин. Бунинг учун ичимлик айтилганидек тайёрланиб, тўғри истеъмол қилиниши керак.

Кўпчилик асал, хурмо, наъматакдек витаминларга ўта бой маҳсулотларни нотўғри истеъмол қилади. Натижада бу маҳсулотларнинг фойдаси камаяди ёки умуман бўлмайди. Шу сабабдан бу маҳсулотларни аввало оч қоринга алоҳида ейишни тавсия қиламан. Истеъмол қилинганидан кейин эса 2 соат ҳеч нарса емасдан кутиш керак. Шундагина юқори даражада фойда беради.

Энг кўп фойда берадиган пайт, бу – спорт машғулотларидан кейин ёки эрталабки нонушта вақти ҳисобланади. Иккала вақтда ҳам организм ташна ҳолатда витаминларни қабул қилишга шай туради. Эрталаб уйғонганда ёки тренировкадан сўнг фақат 200 млгача сув ичиш мумкин. Тахминан 30 дақиқа ўтгандан кейингина наъматак дамламасини тайёрлаб, хурмо билан бирга истеъмол қилинг. Хурмодан хоҳлаганингизча ейишингиз мумкин бўлади, аммо нон, чой ва бошқа маҳсулотларни қўшиш мумкин эмас: қўшилса яхши фойда қилмаслиги мумкин. Истеъмол қилиб бўлгандан сўнг икки соат ҳеч нарса ейилмайди ва ичилмайди, бу вақт мобайнида витаминлар организмимизга тўлиқ сўрилиб, ҳазм бўлади. Белгиланган вақт ўтганидан кейингина одатдагидек овқатланишингиз мумкин.

Юқоридаги рецепт қувватни оширувчи жудаям кучли энергетик ичимлик ҳисобланади. Шу сабабдан қон босими баланд кишиларга тавсия қилинмайди. Қон босими борлар буларни қўшмасдан, алоҳида-алоҳида, кун давомида уч маҳалгача истеъмол қилишлари мумкин. Масалан, эрталаб наҳорга наъматакнинг ўзини дамлаб ичишади, нонуштадан сўнг икки соат ўтказиб, асал ейилади, тушликдан кейин 3 соат ўтказиб хурмо ейилади. Шу тариқа қон босими кўтарилишидан азият чекмасдан туриб имунитетни тиклашимиз мумкин. Қони қуюқ одамларга ҳам тавсия қилинмайди. Улар фақат наъматакнинг ўзинигина дамлаб ичишлари керак бўлади.

Яна бир нарсани айтиб ўтишим мумкинки, ҳар бир нарсани меъёрида истеъмол қилиш фойдали. Бирор маҳсулотни кам ёки ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш зиён келтириши ҳам мумкин. Наъматак мевасини ҳар куни меъёридан ортиқ истеъмол қилиб юриш сийдикни кўп ҳайдаш орқали танамиздаги витаминларимизни ювиб чиқариб, иммунитетнинг пасайишига олиб келиши ҳам мумкин.

Спортчиларимизга эса бу рецепт машғулотлардан сўнг жудаям фойдали табиий допинг вазифасини бажаришини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Офисингизда ҳар доим асал, наъматак, корица бўлсин ва албатта араб хурмоси стол устида бўлиши шарт. Кофе ўрнида ҳафтасига 2-3 марта ичиб туриш ёки даволаниш мақсадида уч ойга бир, яъни йилда тўрт марта 10-15 кун давомида кунига бир маҳалдан истеъмол қилиб туришни тавсия қиламан.

Бу рецепт имунитетни кўтариш билан бирга бўғинлардаги тузларни йўқотади, тез шамоллаб қолиш, камқонлик ва камқувватликни бартараф қилади, буйрак ва ошқозон ишлашини фаоллаштиради.

Минг дардга даво рецептни оилангиз билан бирга ҳар доим истеъмол қилиб юришни тавсия қилган бўлар эдим.

Видеолавҳа

About the author

Rashid Usmonov

1 Comment

Leave a Comment