Мулоҳаза Саломатлик ва табобат

Рамазон ойида тўғри таомланиш учун фойдали маслаҳатлар

Written by Rashid Usmonov

Мана, Рамазон ойи кериб келмоқда. Шу йилларда Рамазон ёзнинг ҳарорати иссиқ, узун кунларига тўғри келмоқда. Сўнгги 20 йилда яшаш шароитларимиз, овқатланишимиз анча ривожланиб, ўзгариб қолгани тайин. Мен ўз тажрибаларим ва кузатишларимдан келиб чиқиб, рўза тутишда мобайнида соғлигимиз билан боғлиқ айрим хатоларимиз, хусусан, нотўғри овқатланишимиз ҳақида ёзишни мақсад қилдим.

Рамазон ойига тайёргарлик

Рамазонгача ўн кун қолган вақтда уч-тўрт кун оралатиб рўза тутиб, организмимизни шунга тайёрлаб олишимиз лозим, шундагина Рамазон рўзасининг биринчи кунларидан қийналмай ўтиб оламиз. Парҳезшунослар организмни ҳар қандай очлик ва парҳезга тайёрлагани каби, рўзадорлар учун ҳам Рамазонгача рўза тутиш суннат қилинган.

Рамазон рўзасини тутишдан икки–уч кун аввал ошқозонда кислотавийликни оширувчи маҳсулотларни чеклашимиз ҳамда тўйиб овқатланишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айримлар “эртадан рўза”, дея бир-икки кун ҳаддан зиёд кўп ва кучли овқатланиб олишади ва бу жараён рўзанинг илк кунларида қийналишларига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ички аъзолар яна шунча овқат ейишингизни кутиб, тайёр туришади.

Рўза тутаман деган одам, аввало, ишонч билан бошлаши керак, оч юриш чидай олишингизга ишонсангизгина бутун ички органларингиз эрталабдан кечгача емаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Сизни ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир.

Саҳарлик

Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб сув ичиб олиб, кейин саҳарликка таёргарлик кўрилса 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмасдан ноқулайликлардан қутиламиз.

Саҳарликда бизни асосий ичимлигимиз сув бўлиши лозим, чой ичган тақдирдаям имкон қадар фақат кўк чой ва албатта, уни аччиқ қилиб дамламасдан ичиш лозим.

Қуйидаги маҳсулотлар бизни кун давомида чанқашимизга ва ичган сувимизни тезроқ танамизни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:

  • ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
  • меъёридан ортиқ аччиқ чой ичиш;
  • дудланган гўшт маҳсулотлари;
  • тузи кўп маҳсулотлар;
  • тузлама маҳсулотлар;
  • кофе ва кафеинга бой маҳсулотлар
  • шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш (табиий ширинлик ейиш керак);
  • барча нотабиий кимвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
  • лавр япроғи, наъматак меваси каби сийдик ҳайдовчи маҳсулотлар

Қуйидаги саҳарлик қилиш учун тўрт хил энг фойдали маҳсулот турларини келтириб ўтамиз.

  1. Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сулу бўтқаси, ширгуруч, гречихали овқат ва шу кабилар.
  2. Сут маҳсулотларидан творог, йогурт, қатиқ, сметана, сутнинг ўзи жуда ҳам фойдали ҳамда бу маҳсулотлар билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.
  3. Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, мағиз, ўрик туршаги, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.
  4. Банан, гилос, анжир, ўрик, шафтоли, олма, олча, нок ва бошқа мевалар билан саҳарлик қилиб олиш лозим.

Ҳўл мевалардан тўйиб олиб, бу билан бирга сув ичмасаям бўлади, фақат меваларни ўзи ейилади, холос. Бир литр сув шунча ҳажмдаги мева ейиш билан баробар.

Юқоридаги тўрт хил турдаги маҳсулотларни саҳарлик пайтида имкон қадар бир-бирига аралаштирмасдан алоҳида истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бу кун давомида ўзимизни яши ҳис қилишимизга замин яратади.

Кун давомида

“Рўзадорман, куни бўйи ҳаракат қилсам оч қоламан, ҳаракатдан қолиб ҳолсизланиб қоламан”, деб ҳеч ҳам ўйламанг. Рўзада одам доим оҳиста ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик икки карра бизни соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга ҳисса қўшади. Ҳаракат қилмасдан фақат ётиб яшаш эса секин-аста юракни кам уриш ҳолатлари ва организмни шунга кўникиб қолиб, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади. Саҳарлик ва ифторликдан сўнг 4–5 километр пиёда сайр қилиб олишни тавсия қиламан.

Суткасига камида 7 соат ухлаб олиш керак, лекин кундузи оч қоринда ухлашга шароити борларга айтишим мумкинки бу уйқуни камида иккига кўпайтириб ҳисоб китобингизни олиб бораверинг. Кундузги 2 соатлик уйқу тунги 4 соатнинг ўрнини босади ва кечаси 3 соат ухласангиз, организм жами 7 соат ухлагандан-да самаралироқ тикланади.

Ёздаги қуёш нури гарчи бизни иссиқдан “қийнаса-да” лекин бир тарафдан бизни чиниқтириб, витаминларга тўйдиради, танақурилишимизни мустаҳкамлайди. Ҳар куни куннинг биринчи ярмигача 15–20 дақиқа қуёш ва ташқи ҳаво иссиқлигидан чиниқиб олиш керак, деб ўйлайман.

Ифторлик

Бу пайтда ошқозонимиз ва бутун сезги органларимиз ҳазм қилиш ва таъм сезишга шай туради, шу сабабдан бу пайтда инсонни таъм сезиш органлари каррасига яхши ишлайди.

Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 миллилитргача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз, ёки сувни камроқ ичиб, ҳўл мевалардан еб олиб, сўнгра 10–15 дақиқадан сўнг овқатланишимиз мумкин. Бу худди автоуловни ҳайдаш учун қиздириб тайёрлашдек, ошқозонимизни овқат ҳазм қилишга шай қилади. Кечки овқат имкон қадар тез ҳазм бўладиган ва енгил бўлиши лозим ва албатта, барра салатлар, кўкатлар билан бирга истеъмол қилиш лозим. Овқатланиб бўлиб, тахминан 30–40 дақиқадан сўнг яхна ичимликлар, ширинликлар ва бошқа ширин мевалардан истеъмол қилишимиз мумкин.

Кечаси ётишдан олдин, қаттиқ, тарвуз ва бошқа тез ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлардан еб олиб, сўнгра ухлашимиз мумкин.

Зарарли одатлар

Саҳарликда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиш шарт эмас, бу аксинча, сизни кун давомида оч ва чанқаб юришингизга туртки беради. Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб олиб сувдан тўйиб олишса шуни ўзи кун давомида енгил юришларига етарли, деб ўйлайман.

Саҳарликда яхши овқатланиб туриб шартта чўзилиб ётиш ҳолати жудаям зарарли, бу ҳолат ошқозон ичакларимизни иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келтириб чиқариб, қийналиб қолишимизга сабаб бўлиши мумкин.

Оғиз очганда яхдек ичимлик билан чанқоқни босиш зарарли одат, деб биламан. Кун давомида ошқозон ва ички аъзолар ўзини ўзи даволаш билан банд бўлади ва ички ҳарорат иссиқ турган пайтда муздек ичимликни ичиш бу худди қизиб турган ёғга сув сачратишдек гап. Бу нақафат рўзани шифобахшлик хусусиятини пасайтиради, балки ифторликда еган овқатимизни тез ҳазм бўлишига тўсқинлик қилади.

Оғиз очган пайтда жуда ҳам кўп сув ичиш одатиям иштаҳани бўғиб қўяди ва овқатланолмай қоласиз ёки мажбуран овқатланиш натижасида эрталабгача ошқозон дамлаб қолиб, еган нарсамиз ҳазм бўлмасдан қийналиб юрамиз.

Овқат пайти ширин мева, ширинликлар, торт, шоколад, газланган ичимликлар қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Булар бирга аралашса, ҳазм жараёнини секинлаштириб, бизни қийнаб қўяди.

Рўза янада шифобахш бўлишини ва Рамазонда тетик юришни истасангиз, албатта, фақат табиий егуликлар ва ичимликлар билан таомланишни тавсия қиламан. Фақат табиий! Бунда ҳар хил турдаги маҳсулотларни қўшиб истеъмол қилмасликка эътибор каратиш лозим.

Нон ҳар доим дастурхонимизда бор ва бўлади, буни имкон қадар маргарин ва бошқа четдан келаётган ёғлардан тайёрланганини истеъмол қилмасликни тавсия қиламан, бу зарарли нон ҳисобланади. Ўзимизнинг сарёғда тайёрланган ёки парҳезбоп нонлар истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Яна бир зарарли одат — кондиционерни жуда ҳам салқин қилиб олиш ҳисобланади шамоллаб қолиш мумкин. Кондиционерли хона ёки автоуловдаги ҳаво ҳарорати ташқаридаги ҳароратдан 10-15 грудус салқинликдан ошмаслигини тавсия қиламан.

Хулоса

Юқоридаги маслаҳатлар асосан ўзимни тажрибаларимдан келиб чиқиб ёзилди, албатта, кун давомида сабр қилиб юргандан сўнг кечқурунги айрим чекловларга риоя қилиш осон иш эмас. Бу ҳам сабр талаб қиладиган иш, агарда сабр билан юқоридагиларга риоя қилинса, албатта, рўзамизни шифобахшлилик хусусияти янада кўпроқ бўлади ва Рамазон ойида янада тетик ва ибодатларимизда мустаҳкам юришимизга туртки бўлади.

Аввалги вақтларда боболаримизни музлатгичлари тўла бўлмаган, улар биз тузатадиган дастурхонларни тузаб ифторлик қилишмаган, уларнинг дастурхонларига фақат табиий ичимликлар бўлган ва ҳеч қандай кимёвий қўшимчалар қўшилмаган махсулотларига, яна боз устига, улар қуёш нурида чиниқиб, тоза ҳаводан нафас олишга ҳаракат қилишган. Албатта, улар рўзадан биздан-да кўпроқ шифо топишган. Шу сабабдан аввалги табиий яшаш тарзига мослаштириб кун кечиришимиз керак, деб ўйлайман.

Бутун дунё тиббиёт ва табобат олимлари рўзани минг дардга даво, деб таъкидлашади. Ошқозон касалликлари, бўғинлардаги муамолар, тузлар, тошлар, қон босими ва бошқа касалликлардан бирваракайига холос бўлишни истасангиз, албатта, имкони борича юқоридаги маслаҳатларга тўлиқ риоя қилинг. Шундагина рўзани 30 кун пайдар-пай қийналмай тутасиз, Аллоҳ ризолигига эришасиз, шифо ҳам топасиз.

Рамазон ойи барчага муборак бўлсин!

P.S. Агар ушбу блогпост сизга ёққан бўлса, бировлар ўқиганда фойдаси тегади, деб билсангиз — дўстларингизга улашинг.

About the author

Rashid Usmonov

6 комментариев

  • Ассалому алайкум, «Рамазонгача ўн кун қолган вақтда уч-тўрт кун оралатиб рўза тутиб, организмимизни шунга тайёрлаб олишимиз лозим,… рўзадорлар учун ҳам Рамазонгача рўза тутиш суннат қилинган» деб ёзилган ёзувга кўзим тушди. «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати томонидан Рамазон ойидан аввал рўза тутиш юзасидан берилган 2128-саволда ушбу жавоб келтирилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
    «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
    «Рамазон олдидан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир киши бирор рўза тутиб юрган бўлса, ўшани тутсин», дедилар».
    Бешовлари ривоят қилганлар.
    «Сунан» эгаларининг ривоятида:
    «Шаъбон ярмига етганда, рўза тутманглар», дейилган.
    Шарҳ: Аҳли китоб бўлмиш кофир қавмлар ўзларига фарз қилинган рўзанинг қайси кун бошланишига шубҳа қилиб, бир-икки кун олдин тутишар, оқибатда нафл ибодат билан фарз ибодатни аралаштириб юборишар эди.
    Исломда эса иккиланишга, нафл ва фарзларни аралаштириб юборишга рухсат йўқ. Мусулмонлар ҳар бир ибодатни жазм билан, азму қарор билан нафлни нафл ўрнида, фарзни фарз ўрнида адо этишлари лозим.
    Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин бир-икки кун қолганда рўза тутишдан қайтарганлар.
    Аммо бир одам маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларда нафл рўза тутиб юришга одатланган бўлса-ю, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, тутса бўлаверади.
    Шунингдек, баъзи бир кишилар назр рўза ният қилиб қўйган бўлсалар-у, ўша назр рўзани тутишлари Рамазондан бир-икки кун олдинги кунларга тўғри келиб қолса, улар ҳам тутсалар бўлаверади.
    Юқорида зикр этилган сабабларга ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шаъбон ярмига етганда, рўза тутманглар», деган ҳадисларига биноан, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб, то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.
    Ушбу тафсилотларни яхши тушунмаслик оқибатида Одамлар ичида Шаъбон ойида рўза тутиб бўлмас экан, деган тушунча юзага келган. Аслида эса гап Шаъбон ойининг иккинчи ярмида эканлигини билиб олдик. Шаъбон ойининг аввалида рўза тутиш масаласини эса келгуси ҳадисларни ўрганиш жараёнида билиб оламиз, иншааллоҳ. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!

    «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати

  • Катта раҳмат сизга. Ҳақиқатдан ҳам рўза тутувчилар ва келажакда тутишни ният қилганлар учун ҳам жуда фойдали маълумотлар берилган. Оллох умрингизни зиёда қилсин.

  • Сизга раҳмат! Шунчалик ўрганиб, ўзингизнинг фикрларингиз билан уйғунлаштириб, эл-юрт соғлигиги фойда келтираётганингиз учун! Барака топинг!!!

Leave a Comment