Саломатлик ва табобат

Оғриқни қолдирувчи дориларнинг умуртқа ва бўғимларга салбий таъсири ҳақида

Written by Rashid Usmonov

Кўпчиликни кузатиб, ўзимнинг бошимдан ўтказиб шу хулосага келганманки, бўғин ва умуртқадаги касалликлар дорилар ёрдамида даволанса, қисқа муддат яхшиланиб, 2-3 ойдан сўнг аввалгида-да жиддийроқ тусга киради. Бунга сабаб нима ва у қандай юз беради?

Бир вақтлар умуртқамнинг уч-тўрт жойида касаллик пайдо бўлган эди. Бир неча марта тиббий йўл билан даволанишга тўғри келган. Оғриқларга чидолмайдиган пайтлар оғриқсизлантирувчи дориларни ичардим. Гарчи оғриқ қолдирувчи дориларнинг бошқа аъзоларга зарарли эканини билиб турсам-да уларни истеъмол қилганман. Чунки бошқа иложим йўқ, оғриққа мутлақо чидаб бўлмасди.

Шифокорларга келсак, уларнинг айримлари фойда бўлса-бўлмаса ҳам дори ёзиб бераверади. Сиздаги оғриқ қолса, ўзларига “очко” ва мўмайгина пул ишлаб олишади: оғриқларингиз менинг массажим, менинг физиотерапеям ва менинг муолажаларим туфайли қолди, дейишади. Аслида эса касалликларнинг асл сабаблари, уларни келтириб чиқарувчи омиллар биринчи ўринда бартараф этилиши лозим. Уларнинг асосийлари кам ҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш ва нотабиий маҳсулотларни истеъмол қилишдан иборат. Ушбу сабабларни бартараф этиш, ҳаётни тўғри ташкил этиш орқали ҳам ҳеч қандай дориларсиз касалликлардан қутулиш мумкин.

Лекин шу муаммолар билан шифокорга мурожаат қилганларнинг тахминан 50-60 фоизи турли дори-дармонлар сабаб ўз касалликларини янада жиддийлаштириб, бошқа хасталикларни орттириб олишади. Нима учун? Бунинг сабабларидан бирини англаш учун шу каби дориларнинг фойдаланиш (истеъмол қилиш) йўриқномасига назар ташланг. Уларда буйрак, жигар ва ошқозонида муаммоси борларга мумкин эмаслиги ёзиб қўйилган бўлади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу дорилар ички аъзоларга салбий таъсир ўтказади. Агар муайян касаллик бўлса, ўта оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

Келинг, ушбу масалани янада яқинроқ кўриб чиқсак. Организмдаги зўриқиш, кимёвий моддалар концентрациясининг ортиб кетиши натижасида буйраклар ортиқча туз ва моддаларни, жигар қонни яхши тозалай олмайди, ошқозон ва ичаклар овқатни яхши ҳазм қилолмайди. Натижада организмимиздаги ўзаро чамбарчас боғлиқ механизм ишга тушади: бўғинлар ва умуртқа поғонасида муаммолар вужудга кела бошлайди. Умуртқадаги касалликлар эса нерв толаларини қисилиши натижасида ички аъзолар фаолиятини издан чиқаради ваҳоказо.

Буйрак, жигар ва ошқозоннинг яхши ишламаслиги сабаб умуртқа чурраси касаллигига чалинган бемор шу аъзоларни заҳарлайдиган дорини ичиб, вақтинча дардлардан қутилиши мумкин, аммо касалликларни келтириб чиқарган асл сабаблар янада жиддийлашиб бораверади. Охир-оқибат тўшакка михланиб, операцияга ҳам рози бўлади…

Юқорида фақат умуртқа ва бўғинлардаги оғриқларни мисол қилдим, аслида эса бу дорилар буйрак, ошқозон, жароҳатлар, синишлар, тишдаги оғриқлардаям шифокорлар томонидан тавсия қилинади. Буни тўғри ва шифокор айтганидек ичиш зарур, айримлар оғриққа чидолмасдан тартибсиз ва биттани ўрнида 2-3 та ичиб қўяди, бу эса заҳарлашга энг кўп олиб келадиган ҳолатдир.

Жароҳатлар ва бўғинлардаги оғриқлар қисқа вақтда ҳеч қандай даволанишларсиз ҳам соғайиб кетиши мумкин, лекин ошқозондаги гастрит касаллиги йиллар давомида қутула олмайсиз, бу жиддий муаммо. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Видеолавҳа

https://www.youtube.com/watch?v=BgWIB22YGk4

About the author

Rashid Usmonov

Leave a Comment