Саломатлик ва табобат

Меваларни қандай истеъмол қилиш керак? Тавсия ва тартиб…

Written by Rashid Usmonov

Нима учун шунча мева еб туриб ҳам халқимиз камқонлик, ҳолсизлик, иммунитетнинг пастлиги  каби муаммолардан азият чекмоқда? Қон босимининг кўтарилиши, бўғинлардаги касалликлар, юрак хасталиклари нима сабабдан кўпайиб бормоқда? Мева-чеваларни истеъмол қилиш билан касалликлардан халос бўлиш ва соғлом яшаш ўртасида қандай боғлиқлик бор? Меваларни қандай истеъмол қилсак, улардаги витамин ва фойдали элементлар организмимизда тўлиқ ўзлаштирилади?  Ушбу саволларга қисқача жавоб бериб ўтсам…

Ҳозирги кунда кўпчилик деярли ҳар куни мева истеъмол қилади. Бироқ улардаги витаминлар  ҳавога учиб кетгандек… Бунга асосий сабаблардан бири овқатланиш тартиби билан боғлиқ: аввал таом, ундан сўнг турли ичимликлар, сўнгра ширинликлар (дисерт), охирида эса мева-чевалар истеъмол қилинади. Баъзилар мева қачон истеъмол қилинса ҳам организмга фойдали, деб ўйлайди. Бироқ аслида бунинг фойдаси биз ўйлаганчалик бўлмайди, аксинча, ошқозонда турли озуқаларнинг аралашиши натижасида у заҳарга айланиши ҳам мумкин. Чунки ҳар бир озуқа турини ҳазм қилиш учун алоҳида ферментлар ишлаб чиқарилади, ошқозонда аралашиб ётган озуқлар эса, биринчидан организмнинг турли касалликларга қарши курашиши ва бошқа ҳаётий жараёнлар учун зарур бўлган қувватининг ушбу жараёнга сарфланишига олиб келса, иккинчидан узоқ вақт ҳазм бўлган озуқалар ошқозон ва ичакларда чириб, ўзидан заҳарли моддалар ажратиб чиқаришни бошлайди. Бу моддаларнинг аксарияти эса қонга, тўқима ва ҳужайраларга тушиб, уларни зарарлашни бошлайди.

Хўш, қандай истеъмол қилинса мевалардаги барча витаминлар организмимизга тўлиқ сўрилади ва бу жигаримиз, буйрак ва ошқозон-ичакларимизнинг тозаланишига, қонимиздаги чиқинди ва тузларнинг чиқиб кетишига сабаб бўлади? Демак, тартиб қуйидагича…

Эрталаб уйғонишимиз билан фақат бир турдаги ёки бир-бирига мос мевалар билан нонушта қилиб оламиз. Бунда бизга нон ёки сувнинг кераги бўлмайди. Чунки меваларнинг ўзи яхшигина тўйимли бўлиб, улардаги сув миқдори шунча ичимлик ичганнинг ўрнини босади. Хуллас фақат мевалардан хоҳлаганимизча еб, тўйиб оламиз. Шу орқали эрталабдан организмнинг фойдали модда ва витаминларга бўлган чанқоқлигини қондирган бўламиз.

Нонуштадан сўнг камида 2 соат ҳеч нарса емаймиз ҳам, ичмаймиз ҳам. Шундагини мевалар таркибидаги барча фойдали модда ва витаминлар қонимизга осма укол каби ўтиб, бутун организмимизга шифо бўлади.

Баҳордан қишгача ҳар бир мевадан камида беш маротаба шундай нонушта қилиб олишни тавсия қилган бўлардим, ҳеч бир мева мавсумини унутиб, ўтказиб юборманг.

Кунора истеъмол қилсак ҳам бемалол вақтимизни тақсимлаб олишимиз мумкин: бир кун мева, иккинчи кун одатдагидек нонушта.

Баҳор бошланиши билан энг биринчилардан пишадиган тутдан тўйиб олишни унутманг: у қон ва жигаримизни тозалайди, витамин ва моддаларга ташна организмимизга жон киритгандек бўлади. Кейинчалик гилос ва қулупнай етилиб пишади. Улардан ҳам тўйиб еб олинг, бу мевалар айниқса буйракларга фойдали.

Навбат аста-секинлик билан ўрик ва шафтолига етиб келади. Улар юрак қон-томир тизими учун жуда асқотади.

Анжир ва қора олхўри умуртқа ва бўғинлар мустаҳкамлиги учун жудаям фойдали. Хурмо эса минг дардга даво, чунки у ёдга бой ҳисобланади. Араб хурмоси иммунитет ва бўғинлар учун кўпроқ истеъмол қилингани маъқул.

Олма, апельсин, банан, анор, нок ва яна бир нечта мевалар борки, уларнинг ҳам соғлигимиз учун ўрни жуда катта.

Қайси органларда кўпроқ муаммо бўлса, шу мевадан 10 марта, қолганларидан камида 5 марта шу тартибда истеъмол қилишни тавсия қиламан.

Энди икки хил тоифа одамларимиз бор: бири камқонлик ва иммунитетнинг пастлигидан, озғинликдан азият чекади, иккинчи тоифа эса қоннинг қуюқлиги, семизлик ва қон босимидан шикоят қилади. Ҳар икки вазиятда ҳам шифокор билан маслаҳатлашиб, қандай мевалардан истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эканини аниқлаб олган маъқул. Мен ҳам қисқача айтиб берсам.

Камқон, камқувват, иммунитетдан азият чекадиганлар ва кўп меҳнат қилиб, спорт билан шуғулланадиганлар хоҳлаган меваларидан истеъмол қилишлари мумкин, лекин ўрик, анжир, хурмо ва қовунга ўхшаш ширалилардан кўпроқ есинлар.

Қони қуюқ, семизлик ва қон босимидан азият чекадиганлар эса кўпроқ гилос, олма, анор, нок, анжир, тут ёки тарвуз каби қонни ювадиган мевалардан истеъмол қилиб, иложи борича қовунга ўхшаш ўта ширин маҳсулотлардан ўзларини тийишлари афзалдир.

Қайси меваларни овқат билан бирга истеъмол қилишга келсак, менинг ўзим олма, анор, апельсин, нок, гилос каби шираси пастроқ меваларни тахминан 100-150 миллиграмм миқдордаги овқатдан кейин ёки таом вақти озроқ истеъмол қилишим мумкин. Қолган мевалар эса овқатлангандан сўнг камида 2 соат, яъни овқат ҳазм бўлганидан кейин истеъмол қилиниши керак.

Юқоридаги маслаҳатлар орқали ҳар қандай касалликлардан осон йўл билан қутулиш, даволанишни янада тезлаштириб, тузалишга ёрдамлашиш ва йил давомида соғлом-бақувват юришга эришишимиз мумкин. Биздан фақат тартиб билан меваларни истеъмол қилиш талаб қилинади холос.

Видеолавҳа:  

About the author

Rashid Usmonov

Leave a Comment