Безарар озиш Саломатлик ва табобат

Тарвуз ёрдамида буйрак ва бўғинларни тузлардан тозалаймиз

Written by Rashid Usmonov

Ҳозирги даврда тарвуз деярли йил ўн-икки ой топиш мумкин бўлган полиз экинларидан бири ҳисобланади. Бугун шифо топиш мақсадида ана шу ҳаммабоп, сероб ва арзон маҳсулотни қандай истеъмол қилиш кераклиги тўғрисида тўхталиб ўтаман.

Қайси касалликларга даво бўлади?

Тарвуз буйракни тозалайди, унда тузлар эндигина тўпланиб, тошга айланаётган бўлса, уларни ҳам ювиб ташлайди. Буйракнинг тозаланиб, янада яхши ишлаши натижасида ўт пуфаги ва бўғинларда туз тўпланишининг олди олинади, бор бўлса ювиб юборилади.

Тарвузни тўғри ва меъёрида истеъмол қилиш қони қуюқ, қон босимидан азият чекадиганларга жуда фойдали: у қонни суюлтиради ва осма уколдек шифо беради.

Озишни хоҳловчилар учун ҳам қуйида келтириладиган тартибда тарвуз ейиш самара беради.

Тарвузни танлаш ва истеъмол қилиш тартиблари

Аввало танлашга келсак, биринчидан оладиган тарвузимиз тоза ердан узилган бўлиши керак, савдо расталарида кўп қолиб кетган тарвузлар иштаҳани буғадиган, ошқозонга ёқимсиз бўлади. Шу сабабдан узилган бандчаси янги ва яшил тарвузни сотиб олишни тавсия қиламан. Имкон қадар катта юк машиналардан харид қилинса, улар янги келган бўлади.

Истеъмол қилишда эса хоҳласангиз тишлаб ейиш, истасангиз шарбатини сиқиб олиб ичиш мумкин. Иложи борича пўчоқ атрофидаги қисмидан ейилса, янада яхши.

Тарвузни эрталабдан кечгача, сизга қандай қулай бўлса шундай: хоҳласангиз 3, хоҳласангиз 5-6 маҳал истеъмол қилишингиз мумкин.

Хоҳлаганингизча ейишингиз мумкин, бунинг зарари йўқ. Фақат, шифо мақсадида бўлса, нонсиз, кун давомида тарвуздан бошқа ҳеч нарса истеъмол қилинмайди, ичимликлардан озгина сув ичиш мумкин холос.

Шундай бўлсада, ҳаддан зиёд миқдордаги тарвуз истеъмоли организмга зарар келтириши мумкин. Зўриқиш бўлмаслиги учун узлуксиз кетма-кет тарвуз истеъмол қилмаслик лозим. Акс ҳолда организмдан фойдали элемент ва витаминларни ювиб чиқариши мумкин. Энг яхшиси уч кунда бир эрталабдан кечгача тарвуз еб даволаниш керак: буни камида 7 марта такрорлайсиз.

Буйрагида жиддий касалликлари бор ёки хуруж бериш даражасида тоши бор беморлар ушбу тавсияларга фақат шифокор рухсати билан киришишни маслаҳат бераман. Бемор учун бу хавфли бўлиши мумкин.

                        Видеолавҳа:

https://www.youtube.com/watch?v=enkDHroITuE

About the author

Rashid Usmonov

Leave a Comment