Саломатлик ва табобат

Ошқовоқ уруғи ёрдамида гижжа қуртларини туширамиз

Written by Rashid Usmonov

Гижжа қуртлари асосан болажонларни қийнайдиган муаммолардан бири бўлиб, ошқозон-ичакларида паразитлик қилади.

Аслида гижжалар бошқа паразитлар каби деярли барча инсонларнинг овқат ҳазм қилиш аъзоларида маълум миқдорда бўлади. Лекин иммунитети заиф инсонларда улар ўз кучини кўрсатиб, турли нохушликлар, ҳаттоки касалликларни келтириб чиқаради. Иммунитет қанчалик кучсиз бўлса, қуртлар шунчалик кўпайиб, катталашиб бораверади. Ўз вақтида чора кўрилмаса, улар инсон организми устидан “ғалаба” қозонишади. Чунки ҳар бир инсонда қуртларга қарши курашувчанлик хусусияти турлича шаклланган бўлади.

Кузатишларимдан хулоса қилиб айтишим мумкинки, қуртлар асосан спорт билан шуғулланмайдиган ўсмир болажонларга ўз таъсирини кўпроқ ўтказади. Спорт эса иштаҳа билан овқатланиш ва куч тўплаб, иммунитетни мустаҳкамлаш учун энг тўғри йўллардан бири ҳисобланади.

Қуртларнинг “ҳужуми” сабаб болажонларга бош айланиши, иштаҳанинг йўқлиги ва бошқа бир қанча муаммолар вужудга келади.

Шу сабабли ушбу аломатлар пайдо бўлиши билан энг аввало шифокор кўригидан ўтказиш, профилактика ва қўшимча даво сифатида турли безарар табиий усуллардан фойдаланиш мумкин. Ана шундай фойдали ва самарали воситалардан бири ошқовоқ уруғларидир. Сизларга қуртларга қарши ошқовоқ уруғини қандай истеъмол қилиш кераклиги ҳақида ўз шахсий тажрибаларим асосида тавсиялар берсам.

Шифокорлар ошқовоқ уруғини кўпгина касалликларга қарши табиий дори сифатида тавсия қилишади. Жумладан ошқозон-ичаклардаги гижжаларга қарши ҳам.

Ошқовоқ уруғинг таркибида жудаям кўп миқдордаги микроэлементлар, оқсиллар ва шифобахш ёғлар мавжуд. Уни мунтазам истеъмол қилсангиз, еган озуқангиз танангизга яхши сўрилади, иммунитет мустаҳкамлангани сари организмингизнинг овқат ҳазм қилиш тизимидаги қуртларга қарши курашувчанлик қуввати ҳам ошиб бораверади. Шу билан бирга, айнан ошқовоқ уруғининг таркибида яна шундай микроэлемент борки, у қуртларга қарши заҳар вазифасини ҳам бажаради.

Ошқовоқ уруғини танлашга келсак, имкони борича йирикроғини ва тозароғини олиб, ичидан энг сараларини ажратиб оласиз. Қуёш нурида ёки баҳаво жойда қуритасиз. Асло қозонда ёки бошқа йўл билан қиздириш ёки пиширишга уриниб кўрманг, тузламанг ҳам. Акс ҳолда уруғлардаги фойдали хусусиятлар камайиб, йўқолади.

Ошқовоқ уруғини 4 ёшдан 10-12 ёшгача бўлган болаларга 20-30  донадан, 12 ёшдан юқори ёшларга эса 30-50 донадан бериш керак. Ёши катталар эса камида 50 донадан икки маҳал: эрталаб уйғонганда, нонуштадан бир соат олдин ва кечки пайт ухлашдан олдин истеъмол қилиши керак.

Уруғни истеъмол қилишга келсак, албатта уни чақиб, ичидаги мағзини ейиш керак. Ёки янчадиган ускуналар орқали янчиб, сўнгра қатиққа аралаштириб истеъмол қилиш ҳам мумкин, бу ёғи энди сизнинг фантазиянгизга боғлиқ.

Уруғни еган пайтда сув ёки қатиқ истеъмол қилишингиз мумкин, аммо иложи борича ширинлик ва бошқа маҳсулотлар емаслик зарур.

Ошқовоқ уруғи билан даволанишда кўпчилик йўл қўядиган хатолардан бири, уни мунтазам истеъмол қилмасликдир. Ҳар бир дори шифокор тавсия қилган муддат ва миқдорда истеъмол қилинсагина самара берганидек, натижага эришиш учун ошқовоқ уриғини доимий равишда еб юриш талаб қилинади. Бир кун еб, орада бир-икки кунни ўтказиб юбориш ярамайди.

Ҳар куни ошқовоқ уруғини истеъмол қилганингизда, қуртлар маълум миқдорда куч йўқотиб, ҳолсизланиб боради. Бунинг натижасида кундан-кунга пастга тушиб боради ёки ҳалок бўлиб, ахлатлар билан чиқиб кетади. Агар ошқовоқ уруғи истеъмолини орада бир-икки кун канда қилсангиз, уларга бу вақт қайта куч тўплашга имконият яратади ва улар шу вақтда тикланиб, жон сақлаб қолишади.

Ошқовоқ уруғини ойлаб истеъмол қилиш мумкин, бу даволаниш жараёнида эса камида қирқ кун мунтазам равишда еб боришни тавсия қиламан.

Шуни унутмангки, табобат йўли биланми ёки шифокорнинг муолажалари биланми, қандай қилиб қуртларга қарши курашсангиз  ҳам, албатта болангизнинг табиий овқатланишига ва спорт билан шуғулланишига шароит яратишингиз зарур. Спортсиз бола қанчалик тозаликка риоя қилмасин ёки шифокор кўригида бўлмасин, барибир ундан ичаклардаги қуртлар кучли чиқади.

Болангизни қуртлардан азият чекишига асло йўқ қўйманг, чунки ўсмирлик даврида уларга витаминларнинг етишмаслиги кузатиб турилган бир даврда қуртларнинг борлиги ортиқча. Улар фойдали элемент ва витаминлар, қувват манбаини ўзлаштириб, организмнинг заифлашиб боришига замин тайёрлайди. Натижада бола улғайгандан кейин ҳам унда камқонлик, жинсий заифлик, қизларда эса ҳомилани ушлаб туришда муаммолар келиб чиқиши мумкин.

  Видеосини кўринг:

About the author

Rashid Usmonov

2 комментария

  • Assalomu alaykum oshqovoq urug’i haqida Juda ko’p eshitganman,ammo istemol qilish muddati haqida ma’lumotga ega emasdim.Uni siz aytganday 40kun mobaynida berib ko’rmoqchiman.Ilgari undan foydalanganimda bolalarimga diyeta qildirardim,lekin,u ko’pi bilan 10 kun bo’ladi.Aytingchi 40kun urug’ berib borsam diyeta shart emasmi by haqida qanday fikrdasiz

    • Ваалайкум ассалом, гижжа қуртларига қайси озиқ овқатлар ёқимли ва ёқимсиз эканлигини шифокор билан маслаҳатлашган маъқул, ёқимсизини биламан саримсоқ, пиёз, седана уруғи, ошқовоқ уруғи… Шулардан ҳам қушиб истеъмол қилиб турса бўлади. Эрталаб уйғонганда ва ётишдан олдин бошқа турдаги махсулот билан аралаштирмасдан ейилса фойдаси яхши, саримсоқ пиёзлар овқат билан бирга.

Leave a Comment