Спорт

Спортга илк қадам ва фарзандсизликнинг ечими

Written by Rashid Usmonov

Бухоро вилояти Бухоро тумани Маданият жамоа хўжалигидаги Дехожи қишлоғида туғилганман. Қишлоғимиздан курашнинг самбо тури бўйича бир неча собиқ иттифоқ ва Ўзбекистон спорт усталари, беш нафар жаҳон чемпиони етишиб чиққан. Қишлоғимизда аввалдан спорт инфраструктураси яхши ривожланган. Аммо ота‑онамнинг спортга қизиқмаганиданми, хуллас, тақдир тақозоси билан ёшлигимда спортнинг бирорта ҳам тури билан шуғулланиб кўрмаганман.

Орадан йиллар ўтиб, кассаликдан қутулишнинг ягона йўли спорт эканлигини англаганимдан кейингина спорт залига боришга қарор қилдим. Залдагилар самбо билан шуғулланар, мен эса уларни бир четда шунчаки томоша қилиб турардим. Бир вақт мураббий мени ёнига имлаб чақириб, “машғулотларга қўшил”, деди. Мен эса жисмонан жуда толиққанимни, саломатлигимни тиклаш учун алоҳида шуғулланишимни айтиб, спортчилар кетганидан кейин шуғулланишга рухсат беришини сўрадим. Мураббий рози бўлиб, машғулотлар тугагандан сўнг зал калитини қўлимга тутқазди.

Ўша пайтлар дўконда савдо қилардим. Менга спорт билан шуғулланиш учун шерик бўлмаганлиги туфайли савдо‑сотиқ ишларимга ёрдамлашадиган  қариндошим Ўткирни залга ўзим билан бирга қатнашга кўндирдим. У машғулотларга бирор фойда олиш эмас, шунчаки, менинг гапимни ерда қолдирмаслик учун кела бошлади. Аввалига озроқ югуриб чарчаб қолардик. Лекин ўзимни қийнаш эвазига саломатлигимиз тикланишини англаб етганим сабабли ҳар қандай қийноққа рози эдим. Буни Ўткирга ҳам тушунтирдим.

Ўткир саккиз йилдан бери фарзандли бўлмаётган эди. Унинг бормаган жойи қолмаганди. Ҳамма табиблару, муолажаларни қилиб кўрса ҳам фойда бермаётган эди. Шундай қилиб, иккимиз ҳар куни кечқурун спорт залига бора бошладик. Тўй, маросим, байрам демасдан, бирор кун ҳам дам олмасдан, 30 кун кечкурун тинимсиз спорт залига қатнадик. Биринчи ўн кунликда 20 дақиқагача шуғулландик. Иккинчи ўн кунликда эса бу вақт 40 дақиқагача кўтарилди. Ниҳоят, учинчи ўн кунликдан 1 соат шуғуллана оладиган даражада кучга эга бўлдик. Бир ойнинг ичида 6 кг.га оздим, мени қийнаётган оғриқлар, касалликлар ҳам ўз-ўзидан йўқолди, ишда ҳам ўзимни яхши ҳис қила бошлагандим. Қўшимчасига, сигарет чекишни ҳам ташладим, бешинчи қаватгача қушдай учиб чиқадиган ҳолатда келдим. Кейинчалик ҳафтасига уч маротаба спортчиларга қўшилиб шуғуллана бошладик. Икки ойдан сўнг аёлим фарзанд кутаётганини айтди. Беш ойдан кейин эса Ўткирнинг аёли ҳам фарзанд кутаётгани хушхабарини эшитдик! Мен-ку майли, битта фарзандим бор эди, унинг учун жуда ҳам қувониб кетдим. Ҳар иккимиз ҳам спортнинг фойдаси нақадар катта эканлигини ҳис этдик. Спорт менинг кўзимни очди, ҳаётимни ўзгартирди, шу билан унга қаттиқ меҳр қўйдим. Ҳозир эса ҳаётимни спортсиз тасаввур қила олмайман.

Агарда сиз буткул соғлом бўлиб, менда спортга эҳтиёж йўқ, деб ўйласангиз адашасиз. Сизнинг жисмоний имкониятларингиз қанчалик яхши бўлса ҳам, спорт билан шуғулланганингиздан сўнг улар янада ортиқроқ бўлади. Шуни унутмангки, спорт фақат жисмоний эмас, ақлий ва руҳий ҳолатингизни ҳам янада мустаҳкамлайди.

Ҳозирда ҳар бир қишлоғу шаҳарда спортнинг истаган тури билан шуғулланишга шароитлар етарли. Тан олиш керак, бундай имкониятлар ҳеч қачон бўлмаган. Улар сизу биз учун қурилган. Уларни тўлдириб туришимиз зарур!

Видеолавҳа

https://www.youtube.com/watch?v=Ckwnonh9gu8

About the author

Rashid Usmonov

5 комментариев

Leave a Comment