Спорт

Нима учун Шариф полвон курашни ташламоқчи бўлди?

Written by usmonov

Яқинда Эркин кураш бўйича Бухоро вилояти биринчилиги бўлиб ўтди. Бу чемпионатда 66 кг вазнда жияним Шариф Қўшаев ҳам иштирок этди. Ўша куни ишларимни битириб, шошганча Бухоро вилояти Олимпия заҳиралари коллежи биносига бордим. Етиб борганимда Шариф финал йўлланмасини ҳал қилиб олган экан.

Шарифга яқинлашиб, ундан финалда рақибинг ким, деб сўрадим. Унинг жавобидан учрашув назоратчиларининг ноҳақлик қилиши эҳтимоли борлигини сезгандек бўлдим. Унга қараб “Ука, сен бу мусобақада ғолиб бўласанми, йўқми, унчалик аҳамиятга эга эмас. Муҳими, сен ҳалол кураш. Агар кураш тушаётган пайтингда ҳакамлар ноҳақлик қилса, бунга эътибор берма, беллашувни давом эттиравер. Уларнинг ноҳақлиги кураш тутишингга таъсир қилмасин. Кўп полвонлар бир балга ҳам ноҳақлик қилишганини кўрса, ўша заҳотиёқ ғалаба қилиш иштиёқини йўқотиб қўяди. Руҳий зарба олган полвон кураш пайтида ўз кучини  тўлиқ намойиш қила олмайди ва осонгина енгилиб қолади. Шунинг учун вазифанг учрашувнинг охиригача бор кучинг билан ғалаба учун курашиш эканлигини унутма!” деб уқтириб қўйдим. 

Бироздан сўнг финал ўйини бошланиб кетди. Айтганимдай, бошданоқ Шарифнинг икки бали ҳисобга олинмади. Жияним бунга аҳамият бермасдан курашда давом этди. Финални бошқарган ҳакамнинг Шариф учун кўрсатган балларини учрашув бош назоратчиси ёзмадими, бошқа сабабми, хуллас, барча мураббийлар, томошабинлар ва спортчилар кўз ўнгида учрашувда яққол устунлик қилган бўлса ҳам, учрашув назоратчиси унинг рақибини ғолиб деб эълон қилди. Мусобақада шунчаки мухлис сифатида қатнашганим ва спортнинг эркин кураш тури  қоидаларини унчалик тушунмаганим учун ўша вақти ҳакамларга умуман эътироз билдирмадим, лекин бутун зал шовқин солганча ўз эътирозларини билдириб қолди.

Шарифнинг қаттиқ хафа бўлгани сезилиб турарди. Ҳатто “Маросимнинг тақдирлаш қисмига қатнашмайман, спортигаям, ҳакамларигаям…”, деганча алам устида ташқарига чиқиб кетди. Ахир шу даражага етгунича озмунча тер тўкканмиди. Зални тарк этаётганда уни ушлаб олдим. Унга қараб: “Нимага сенинг ғалабангга рақибинг ва барча учрашувни кўриб турганлар ишониб турибдию ўзинг ишонмайсанми?! Шу қилганлари учун ҳам сен республикада биринчи ўринни олиб, буларга кимлигингни кўрсатишинг керак!” дедим. Сўзларимдан ўзига кела бошлади ва ўз фикридан қайтди. Бироздан сўнг учрашувнинг бош ҳакамини гарчи мени танимаса-да, ёнимга келиб “Ака, Шариф 3 балл устунлик қилиб ғалаба қозонди. Тушунмадим, рақибидаги ортиқча балларни учрашув назоратчиси қаердан олди экан? Мен назоратчи айтган балларни кўрсатганим йўқ. Ўзим ҳам айнан шундай ноҳақликлар туфайли спортни тарк этиб, мақсадларимга эришолмай қолганман…” деди.

Шариф тақдирлаш маросимида иккинчи ўрин учун медаль ва дипломни қабул қилиб олиб, ташқарига чиқиб кета бошлади. Унинг ортидан бориб қарасам қўлидаги дипломни ғижимлаб олибди. “Нима қилаяпсан, бу диплом-ку!” дедим. У бўлса фақат биринчи ўринли диплом билан уйга кириб ота-онасини ҳурсанд қилмоқчи бўлгани, энди эса уларнинг юзига қандай қараши ҳақдаги изтироблар қийнаётганини айтди…

— Тўхта, бу диплом айнан сен учун керак. Шу дипломингнинг орқасига “Ноҳақликлар туфайли иккинчи ўринни олганман. Айнан шу сабабдан ноҳақликларга қарши курашаман. Эркин кураш бўйича олимпиада олтин медалини юртимга олиб келиб, уларга аслида ким эканлигимни кўрсатиб қўяман” деб ёзиб имзо қўйгин ва коллекциянгнинг  олд томонига қўйиб, ҳар сафар уйингга кирганда айнан шу дипломнинг орқасини очиб ўқигин, — дедим овозимни баландлатиб. Боланинг чеҳраси очилиб, кўзларида умид ва ишонч пайдо бўлди.

Очиғи, Шариф сингари табиатан кучли болаларнинг спортдан ҳакамлар айби туфайли спортдан кўнгли қолишини, машғулотларни ташлаб, дадасининг автомобилини ювиш, мол боқиш, қурувчилик ёки бошқа арзимас ишларни қилиб юрганини кўрсам, ўзимни тутиб туролмайман.

Шарифнинг отаси (амамнинг турмуш ўртоғи) ҳам бир вақтлар елкаси ер кўрмаган полвонлардан бўлган. Тўйу байрамларда майдонга тушиб, шаъни ва ор-номуси учун рақиблари билан бел олишиб, яқин атрофда машҳур полвон сифатида тан олинган. Аммо тажрибали мураббийлар етишмаганми ёки оталари қишлоқ хўжалигида бригадир бўлганликлари учунми, қишлоқ хўжалиги ишлари билан чалғиб, спортда натижа кўрсата олмаган. Шариф эса уч тўрт йиллардан бери эркин кураш билан шуғулланиб, отасининг орзуларини рўёбга чиқармоқчи. Шу пайтгача ўсмирлар ўртасида вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда совринли ўринларни эгаллади. Шарифдаги ғолибликка иштиёқ, куч ва маҳоратни кўрган мураббийлар уни Тошкентга — миллий терма жамоага қўшилишини бир неча маротаба таклиф қилишди. Бироқ авваллари оиласидаги моддий камчиликлар бўлиб тургани учун Шариф бу таклифга рози бўлмади, янаям аниқроғи, ортиқча чиқим билан оиласига оғирлиги тегмаслигини ўйлади. Афсуски, ота-онаси ҳам Шарифнинг келажакда чемпион бўлишига унчалик ишончи комил бўлмади…

Ушбу блогпостни ёзишдан мақсадим, халқаро спорт мусобақаларига юртимиздан фақатгина ҳақиқий полвонлар, чемпионликка муносиб номзодлар йўл олсин. Доимо юртимиз байроғи мадҳиямиз садолари остида жаҳон ареналарининг энг баланд шохсупаларида ҳилпираб турсин, шу онларни кўриб қувончдан кўз ёш тўкиб турайлик. Фарзандларимиз қайси соҳада бўлмасин ғолиблар, чемпионлар сафида бўлсин. Ватанимизни “Чемпионлар юрти” деб аташсин.

About the author

usmonov

Leave a Comment