Перейти к верхней панели

Сув ичмасликнинг оқибати.

Яқинда тушлик пайти овқатланиш учун сомсахонага кирдим, қарасам сомсачи Носир акани кайфиятлари йўқ хомуш ўтириптилар. “Ҳа, ака нима бўлди?”, деб сўрасам: “Эй, уч-тўрт кундан бери бошим ёрилай дейди, қон босимим кўтарилган, жуда қийналияпман”, дедилар.

Носир ака меҳнаткаш, эрталабдан бош кўтармай ишлайди. Ишга берилиб овқатланишниям, чой ичишниям унутиб қўяди. Ўйлаб қарасам тўрт кун олдин ҳаво иссиқ эди, бирдан салқин тушиб тўрт кундан бери ҳарорат пасайган.

Бунақа содда ва меҳнаткаш одамлар халқимизни ичида жуда кўпчиликни ташкил қилади, буларга иссиқ ҳаво сув ичишга туртки беради, салқин тушиши билан сув ичишни унутиб қўядилар. Бу эса касалликларни қўзғайди ва инсон организмига салбий таъсир қилади.

Суруштирсам ҳақиқатда Носир ака тўрт кундан бери салқин ҳаво туфайли сув ичишни унутиб қўйган эканлар. “Бугун умуман сув ичмадим”, деганларидан бунинг сабаби сув ичмасликнинг оқибатида эканлиги маълум бўлди.

«Айтганимни қилсангиз ҳаммаси жойига тушади», деб ишонтира бошладим. Носир ака “Айтинг қиламан ука”, дедилар. Шундан сўнг у кишига ҳар куни 2.5-3 литр қайнатилмаган, уй ҳароратидаги филтрланган тоза минерал сувни ичишни тавсия қилдим. (Вазнларига қараб. Тахминан 100 кг)

Қуйидаги тартибда:

Овқатдан 30 дақиқа олдин 300-400 мл.
Овқатдан сўнг 2 соат ўтказиб, кейинги овқатланиш вақтига 30 дақиқа қолгунига қадар 0.8-1 литр сув ичасиз деб ўқтирдим.
Овқат пайтида суюқлик ва ширинлик истеъмол қилинмайди.
Бировга бирон маслаҳат берсам: «У нима қилди? Айтганимни қилдими? Фойда бердимикан?», деб ўйлаб юраман ва жавоб кутаман. Уч кундан кейин Носир акани олдиларига кирдим, у киши жуда хурсанд таниш акалар билан бирга ўтирган эканлар. “Отансига раҳмат бу йигитни, сув билан мани соғайтирди”, деб қувониб гапирди. Албатта, бунақа ҳолатда мени бошим осмонга етади.

Юқоридаги ҳодисани ёзишимдан мақсад шуки ҳозир куз фасли охирланиб қиш фасли кириб келаётган вақтда кўпчилик сувни меъёрида ичмасдан хато қилади. Сув ичиш учун инсонга иссиқ ҳаво туртки бермаслиги керак. Шу сабабдан қишда бўғинлардаги оғриқлар, бош оғриғи, қон босимининг кўтарилиши ва бошқа бир қанча касалликлар қучаяди.

Ҳар куни меъёрида сув ичиб туриш жуда зарурдир. Ҳар доим ёнингизда катта шафоф идишда тўлдирилган тоза сув бўлиши шарт. Кўпроқ сув ичинг, Ер юзасининг 70 фоизидан ортиқ қисми сувдан иборат бўлса, инсон танасининг ҳам 70 фоизидан ортиғи сувдан иборатлигини унутманг.

Рашид Усмонов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *