Саломатлик ва табобат

Бош ва кўз чарчоғини беш дақиқага енгамиз

Written by Rashid Usmonov

Кўпчилигимизда камҳаракатлилик, компьютер монитори қаршисида узоқ вақт ўтириш ва бошқа сабаблар оқибатида асаб тизимининг ҳолдан тойиши, кўзларнинг толиқиши сингари ҳолатлар учраб туради.  Қуйида бошнинг асосий нуқталарини массаж қилиш орқали шу каби вазиятлардан қисқа вақт ичида қутулиш йўлларини санаб ўтмоқчиман.

Маълумки, кам ҳаракат қилиш натижасида организмда умумий қон айланиши бузилиб, барча тўқима ва ҳужайралар қаторида асаб тизимига ҳам зарур моддалар, жумладан, кислород яхши етиб бормайди. Бундан қутулиш учун, бошдаги айрим нуқталарни уқалаш орқали бош мия ва асаб толаларининг ишлаш фаолиятини яхшилашимиз мумкин.

Бошнинг уқалаш керак бўлган энг самарали нуқталаридан бошлаб санаб ўтамиз.

  • Пешонанинг қоқ ўртаси, қошлар тўғрисидан бошнинг соч чиқадиган жойигача. Бу қисмда энг таъсирчан нуқталар жойлашган. Бармоғингизни пешонанинг ўртаси — қошлар тўғрисидан босасиз, шу ҳолатда юқорига ва пастга тортасиз. Бу уқалаш машқи 10 марта юқорига ва 10 марта пастга давом этиши керак.
  • Икки қош бошланган қисмини кўрсатгич бармоқлар учи билан босасиз, шу ҳолда бир бармоқни соат йўналиши бўйлаб, иккинчисини шунга қарши томонга босган ҳолда 10 маротаба айланма ҳаракат қилдирасиз. Мазкур машқни яна 10 марта тескари томонга қараб бажарасиз.  
  • Қошнинг қулоқ тарафдаги тугаган жойидан қулоққача бўлган оралиқга қўлингизни боссангиз, шу ерга суяклар туташган қисмни сезасиз — сал чуқурча бўлади.  Шу қисмни икки ёки уч бармоғингиз билан босиб, 10 мартадан оҳиста уқалайсиз: юқоридан пастга ва ён томонга қаратиб. 
  • Қулоқнинг юмшоқ жойи — солинчакни ушлаб, оҳиста пастга қаратиб тортасиз, 10 марта.
  • Қулоқнинг орқа-паст қисмида юмшоқ чуқурча бор, шу нуқтага оҳисталик билан бармоғингизни босиб олиб, 10 марта уқалайсиз.
  • Бурнингизнинг учини 10 сониядан босиб турасиз. Ушбу машқ 5 марта такрорланади. 
  • Бурун тешикларининг юз билан туташган бурчагини икки кўрсатгич бармоғларингиз билан босиб турган ҳолда бир бармоқни соат стрелкаси тарафга, иккинчисини шунга қарши томонга 10 маротаба айланма ҳаракатда уқалайсиз Мазкур машқни яна 10 марта тескари томонга қараб бажарасиз. 
  • Кўзингизни 10 сония қаттиқ қисиб, ёпиб турасиз — 10 марта.
  • Кўзларни юмган ҳолатда бармоқларингиз билан қулоқ тарафдан бурун тарафга қараб охиста босиб уқалайсиз, 10 марта.

Шу билан бирга расмда кўрсатилган бошқа нуқталарни ҳам уқалаб кўришингиз мумкин, балким сиз учун бошқа нуқталар яхши натижа бериши мумкин.

Бир нуқтани массаж қилишни бошлаганда аввалига тўрт беш марта юмшоқроқ уқалаб, кейин аста-секин кучлироқ уқалаш керак.

Уқалашда қўлингизни сув ва массаж учун мўлжалланган махсус мойлар билан намлашни тавсия қиламиз. Акс ҳолда қуруқ массаж тери юзасига зарар келтириши мумкин.

Энг сўнгида ўн марта чуқур нафас олиб, ҳар уринишда ҳавони бир оз тутиб турасиз ва чиқарасиз. Иложи бўлса, беш дақиқа кўзингизни юмиб, ўзингизни тинчлантиринг — руҳан тикланасиз.

Ушбу уқалашлардан сўнг бош мия фаолияти ўша заҳотиёқ тикланади, кўзларнинг концентрацияси ошади ва чарчоғи чиқади, ўзингизни яхши ҳис эта бошлайсиз. Шу билан бирга, юз териси ҳолатининг ҳам яхшиланиши кузатилади.

Сизга масулиятли бўлган тадбирлар, спорт мусобақалари ва бошқа чиқишлар олдидан ушбу уқалашни қўлласангиз яхши натижаларга эришишга ёрдам беради.

Бу уқалашни бир марта тўлиқ олган одамларга уч кунгача ўзини яхши ҳис қилиб юриши, хотиранинг мустаҳкамланиши тажрибаларим давомида кузатилган.

About the author

Rashid Usmonov

Leave a Comment