Перейти к верхней панели

Ваҳимага ва умидсизликка тушманг! Руҳий зўриқиш иммунитетни пасайтиради!

Коронавирус пандемияси шароитида сўнгги кунларда интернет тармоқларида ҳар хил хабарлар тарқалмоқда. Бу хабарларнинг айримлари соғлом ақлга эга одамниям руҳан чўктириб қўйиши мумкин.

Ўзингизни қўлга олинг, аввало шундай хабарларнинг ҳақиқатга тўғри келадигани ва нотўғрисини ажрата олиш, ақл билан қабул қилиб, фильтрлай олиш қобилиятингиз бўлмаса интернетдан турли туман хабарларни ўқиманг ва кўрманг.

Хабарларга келсак, улар турлича: мутахассис маслаҳатлари ҳам бор, мутахассис бўлмаган одамларнинг ҳам фикрлари бор. Ундан ташқари, ҳар хил сиёсий қарашлар ҳам мавжуд. Бу хабарларни кўпчилиги биз — оддий халқ учун умуман керак эмас, кўпинча шунақа хабарларни тарқатиб турганлар ўзларининг қандайдир мақсадини кўзлаб амалга ошираётган бўлиши мумкин.

Коронавирус касаллигининг ўзидан ҳам қўрқманг. Ҳақиқатда иммунитет соғлом бўлса осонгина соғайиб кетасиз. Лекин сиз уни юқтиришдан қўрқинг, ўзингиз орқали бошқаларга тарқатиб юборишдан қўрқинг: ушбу пандемиянинг қўрқинчли жойи ҳам шу ерда. Сиз соғлом бўлсангиз ҳам, кимнингдир ўлимига сабабчи бўлишдан ҳайиқинг. Шуннинг учун, ундан ҳимояланиш ва уйдан ҳуда-беҳуда чиқмаслик тавсия қилинмоқда.

Айрим содда, дунёқараши тор одамларимиз бор: бунақа тоифадагилар яқинларимиз орасида ҳам бўлиши мумкин, уларга ҳар хил шум хабарларни айтманг ва кўнглини кўтариб туринг.

Ваҳима ва стрессга дучор бўлиш биз учун жуда ҳам қимматга тушиши мумкин. Чунки коронавирусдан сиз 14 кунда соғайишигиз мумкин, лекин унинг ваҳимаси билан қандли диабет, ошқозон яраси, инфаркт ва инсульт каби ҳар хил касалликларни ортириб олсангиз бу сизни бир умр қийнаб юриши мумкин. Шуни унутманг.

Ваҳимани ўзи ҳам иммунитетни тушириб юборади ва нафас олиш йўлларини ишлашига ўз таъсирини ўтказади.

Ҳеч ким очликдан ўлмайди, ҳеч ким оч қолмайди ҳам. Чунки айримлар вирусдан кўра оч қолишдан қўрқади. Мен ишонч билан айта оламанки, давлатимиз ва халқимиз бирлашиб, шароити оғирларни узоқ муддат боқа олади, фақат гўшт емаслигиз мумкин, унинг ўрнига гуруч, гречка ва мош истеъмол қиласиз, қайтанга бу донли маҳсулотлар саломатлик учун фойдалидир.

💪 Иммунитетнинг энг асосий учта устунига риоя қилинг. Тавсияларим:

📖 Руҳий тетиклик учун Қуръон ўқинг, китоб ўқинг, фойдали ишлар билан ўзингизни банд қилинг, доим илм олиш билан ўзингизни банд қилинг. Бу иммунитетнинг биринчи устунидир.

🧘‍♂️ Ҳар куни кам-кам, енгилроқ жисмоний тарбия билан оилавий тарзда шуғулланинг. Тоза ҳаво ва қуёш нуридан дераза ромларни очиб бўлса ҳам нафас олинг, бу иммунитетнинг иккинчи устуни.

🥗 Ҳар куни кам-камдан енгил ҳазм бўладиган таомлардан истеъмол қилинг. Уйда қолдим, дея байрамларда бўкиб егандек овқатланманг. Очлик қанчалик одамни қувватсизлантиради, деб ўйласангиз кўп ейиш ва тартибсиз овқатланиш одамнинг иммунитетини ундан каррасига кўпроқ туширади. Парҳез орқали ўпкамизни соғлом тутишимиз зарур. Бу иммунитетнинг учинчи устунидир.

Учала устун бир-биринга жудаям боғлиқ. Мисол учун: кам-кам есак — ўпкамиз қисилмайди, енгил нафас оламиз, руҳият зўр бўлса — овқат яхши ҳазм бўлади, бу иккаласи жойида бўлса жисмоний тарбия учун одамда куч йиғилади. Ҳаммаси бирлашиб, вирусга қариш ИММУНИТЕТ ҳосил қилади.

Шу билан бирга, ёлғон ва асоссиз ахборотларга қарши ўз илмингизни ошириб, маънавий иммунитетингизни ҳам шакллантиринг.

P.S. Қишлоғимда бир неча киши ваҳимадан касал бўлганини эшитиб, шу мақоламни ёздим. Ўзингизни асранг!

Саломатлик тарғиботчиси Рашид Усмонов.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *